РАСМИЙ БАЁНОТ
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Қизилтепа санаторийсида нопок ишлар қилинмоқда” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Ушбу видеотасвирда Қизилтепа МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар хусусий сихатгоҳлардаги массажчиларнинг фаолиятидан норозилиги акс эттирилган бўлиб, бу тасвирлар эски, яъни 20.12.2020 йилда суратга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида Олтиариқ туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, 19 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан расмийлаштирилган материаллар кўриб чиқиш учун ЖИБ Олтиариқ туман судига тақдим этилган.
ЖИБ Олтиариқ туман судининг 2021 йил 16 январдаги қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасига асосан жамоат тартибини бузган 7 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан огоҳлантириш ҳамда 54-моддасига асосан карантин қоидаларини бузган 12 нафар аёлларга нисбатан жарима жазоси тайинланган.
Ҳурматли фуқаролар! Ижтимоий тармоқларга эски материалларни қайтадан жойлаб, оддий халқ орасида тарғиб қилиб, одамлар онгида шубҳа ва гумон пайдо бўлишига сабабчи бўлаётган айрим кимсаларга бундан нима манфаат бор. Жамиятимизда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун ўз вақтида жавобгарлик муқаррар эканлигини унутманг!
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати