1 Сентябр 2020 йил 1157

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун юртимиздаги энг улуғ, энг азиз айём – мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан сизларни – ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчи-курсантларини, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва фахрийларимизни чин дилдан самимий муборакбод этаман.

Истиқлолимизнинг ушбу шонли санаси “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам.

Мустақиллик, озодлик, она ватан ҳурлиги каби улуғ туйғулар халқимизни янада жипслаштириб, ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб, улкан ютуқларни қўлга киритишда барчамизга чексиз руҳий куч-қудрат манбаи бўлмоқда, десак хато бўлмайди.

Ўтган даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳам жамиятидан муносиб ўрин эгаллади ҳамда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтмоқда.

Сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида ватан ва халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртдошларимиз бир халқ сифатида бирлашди.

Бу борада ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ватанпарвар, фидойи, жасоратли ва мард ходимларимизнинг алоҳида ўрни борлиги барчамизни ҳақли равишда ғурурлантиради. Айниқса, бугунги коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга қарамай хизмат бурчини шараф билан адо этаётган ички ишлар тизимининг барча тузилма ва бўғинларида самарали фаолият кўрсатиб келаётган ходимларимизнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Уларнинг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, эркин ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаш йўлида олиб бораётган фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.

Ўз бурчига, ватанига садоқатли, халқ каби, жамият ва давлат манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз фидойи инсонларни ватанимиз, эл-юртимиз ва халқимиз доимо юксак қадрлайди.

Яна бир бор барчангизни энг азиз байрамимиз – мустақиллик айёми билан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилавий тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик, қут-барака тилайман.

Масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.

 

Вазир
генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов

Text to speech