27 Апрел 2021 йил 1508

Олтиариқ туманида 6 нафар фуқарога маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Жорий йилнинг 25 апрель куни Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патрул хизмати инспектори “Мултирадар” мобиль комплекс қурилмаси билан Олтиариқ тумани Муқумий МФЙ ҳудудидан ўтган Марғилон йўли кўчасида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, белгиланган тезликка амал қилмаган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида хизматни ташкиллайди. ЙПХ инспектори “Мултирадар” қурилмаси билан хизматни бошлашидан аввал, йўлнинг ушбу ҳудуди радар қурилмаси назорати остида эканлигини билдирувчи 5.43 йўл белгисини ўрнатади. Аммо, ҳайдовчи Х.Ш. томонидан ушбу белги ўзбошимчалик билан олиб ташланади. Шундан сўнг ҳайдовчи Х.Ш. “Мултирадар” қурилмаси билан хизмат олиб бораётган ЙПХ иснпектори олдига бориб, унинг хизматига ҳалал берган ҳолда яқин атрофдаги бошқа фуқаролар билан биргаликда ўзаро низо келтириб чиқаради.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган суриштирув ишлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар жорий йилнинг 26 апрель куни Олтиариқ тумани жиноят ишлари бўйича судига тақдим қилинди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183, 194 ва 195 моддаларида назарда тутилган ҳуқубузарликлар содир этганлиги учун 3 нафар фуқароларга 7 сутка ва яна 3 нафар фуқароларга эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ҳурматли фуқаролар, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар фақатгина йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга, фуқаролар ҳаёти ва соғлигини сақлашга қаратилганлигини унутманг!


Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech