Навбатдаги жиноятчилик муҳокамаси Фарғона, Марғилон шаҳарлари ҳамда Қўштепа ва Ёзёвон туманларида ўтказилди
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш билан бирга, жамоатчилик иштирокида жиноят ва унинг салбий оқибатларни муҳокама қилиб бориш ҳам содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.
Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ҳудудларда ўтказилаётган жиноятчилик муҳокамаси тадбирлари ҳам айни мақсадларга қаратилган.
Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Қўштепа ва Ёзёвон туманларида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи Азамат Козимов томонидан сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролари ва мутасаддилар иштирокида карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда юқоридаги каби учрашувлар ташкил этилиб, мазкур ҳудудларда содир этилган фирибгарлик, ўғирлик жиноятлари муҳокама этилди.
Йиғилишларда, атрофда бўлаётган ҳар қандай воқеа ва ҳодисага эътиборли бўлиш, унга даҳлдорлик ҳисси билан яшашгина жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги энг самарали восита эканлиги тушунтирилди.
Ҳозирда энг кўп учраётган фирибгарлик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари таҳлил этилар экан, энг аввало айрим фуқароларнинг соддадиллиги ўзаро олди-берди муносабатларини нотариал тартибда расмийлаштирмасликлари жиноят жабрланувчиси бўлишига сабаб эканлиги таъкидланди.
Учрашувларда жамоатчилик билан ҳамкорликдаги тарғибот ишларини кучайтириш, фуқароларни ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам амалга ошириб боришга келишиб олинди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларида ҳам давом этмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати