Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида семинар-тренинг ўтказилди
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Фарғона вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида семинар-тренинг ўтказилди.
“Вояга етмаганлар ўртасида қаровсизлик ва назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда ички ишлар органлари фахрийларининг ўрни” мавзусида бўлиб ўтган семинарда шаҳар-туман ИИБларида хизмат қилаётган вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи катта инспекторлари иштирок этдилар.
Шунингдек, анжуманда 6 нафар ички ишлар органлари фахрийлари, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармасининг вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси масъул ходимлари ҳам қатнашдилар.
Семинарда ички ишлар органларида узоқ йил хизмат қилиб, айнан вояга етмаганлар билан ишлаш борасида бой амалий тажриба тўплаган фахрийлар сўзга чиқиб, ёш ходимларга маслаҳат ва тавсиялар беришди.
Ўзаро савол-жавоб, самимий мулоқот тарзида кечган тренинг якунида вилоят ИИБ ҲПБ томонидан фахрийлар ва намунали хизмат олиб бораётган бир гуруҳ ходимларга Фахрий ёрлиқлар ҳам топширилди.
Семинардан сўнг меҳмонлар айни пайтда марказда бўлиб турган ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, уларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами билан табриклашди. Китоблар ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати