23 Апрел 2020 йил 810

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари карантин тартибни бузганлиги юзасидан тарқалган хабарларга

РАСМИЙ МУНОСАБАТ


Хабарингиз бор ички ишлар ходимлари мунтазам равишда уруш ва меҳнат фахрилари, ички ишлар тизимида кўп йиллар ишлаб, нафақага чиққан ходимларни ҳолидан хабар олиб, “устоз-шогирд” анъанасини давом эттириб келишмоқда. Бу эса ўз навбатида ўсиб келаётган ёш авлодни кексаларни қадрлаш, уларни ватан равнақи йўлида босиб ўтган фидокорона меҳнатларини ўрнак қилиб олишга хизмат қилади.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк тумани ИИБ ходимлари карантин тартибини бузганлиги ҳакида хабар тарқалган бўлиб, унда ИИБ ходимлари жамоатчилик вакиллари билан бирга иккинчи жаҳон уруши фахрийси Ўринбой ота Шариповдан хабар олгани боришган вақтда карантин қоидаларига риоя қилинмаганлиги танқид қилинган.

 Мазкур ҳолатга ойдинлик киритилганда, Учкўприк тумани ИИБ раҳбарияти, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, маҳалла фаоллари, мудофаа ишлари бўлими вакиллари ҳамда ёшлар билан Ўринбой ота Шариповнинг ҳолидан хабар олгани республикамизда карантин тартиби жорий этилмасдан олдин яъни 2020 йил 11 март куни борилганлиги аниқланган.

Бироқ ушбу ташриф ҳақидаги мақола Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Postda.uz” сайтида кеч жойлаштирилганлиги ва мақолада ташриф куни аниқ кўрсатилмаганлиги сабаблари масъуллар томонидан тегишли тартибда ўрганилмоқда.   

Ҳозирги шароитда ички ишлар органлари ходимлари ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, тиббиёт ниқоби ва махсус ҳимояловчи воситалар билан, масофани сақлаган ҳолда хизмат олиб бораётганликларини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Республикамизда жорий этилган карантин қоидалари барча фуқароларга, шу жумладан ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам мажбурий бўлиб, карантин қоидаларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши муқаррар.

 

Фарғона  вилояти  ИИБ  Ахборот  хизмати

        

Text to speech