27 Август 2021 йил 2572

Ижтимоий тармоқларда эркак киши роддомда хамширанинг сочидан тортиб судраб чиқаётганлиги акс этган видеохабар тарқалган ва бу борада дастлабки расмий баёнот берилган

Юқоридаги ҳолат бўйича ўтказилаётган терговга қадар текширув ҳақида берилган расмий баёнот юзасидан қуйидагиларни қўшимча сифатида маълум қиламиз.

Аниқланишича, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасининг туғриқ бўлимида фуқаро М.С. томонидан дунёга келтирилган, жинси ўғил чақалоқ, бугун, яъни 27 август куни вафот этганлигидан хабар топган М.С.нинг қайнотаси, фуқаро С.С. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, туғриқ бўлимида ишловчи акушер-гинеколог Ю.А.нинг сочидан тортиб, уриб-дўппослаб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, шу куннинг ўзида С.С.га нисбатан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланди.

Мазкур жиноят иши бўйича ҳозирда Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Шунингдек, фуқаро С.С. муқаддам ички ишлар органларида хизмат қилиб, сурункали равишда хизмат интизомини бузиб, ички ишлар органлари ходимларига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун, салбий сабабларга кўра, 2002 йилда ички ишлар органларидан бўшатилганлигини маълум қиламиз.

Жиноят ишининг тергови Фарғона вилояти прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан алоҳида назоратга олинди.

Дастлабки тергов якунига кўра, қўшимча хабар берилади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech