Интернетдаги телеграмм ижтимоий тармоқлари орқали тарқалган “Фарғонада якунига етган, суперлигага йўлланма берувчи "Нефтчи (Фарғона) 0-1 Турон (Яйпан) ўйинидан кейин учрашув ҳакамлари шундай тарзда майдонни тарк этишди.” сарлавҳали видеолавҳада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан
РАСМИЙ БАЁНОТ
Хабарингиз бор, бундан аввал интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган мазкур видеолавҳа юзасидан барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга кадар текширув ҳаракатлари ўтказишга киришилганлиги тўғрисида маълум қилган эдик.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилди.
Мазкур жиноят иши доирасида 6 нафар шахслар юқоридаги модда билан иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.
Шу билан бирга, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахсларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги боис, улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.
Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади.
Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати