Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов фарғоналик ёшлар билан учрашди.
Ёшларнинг теран фикри атроф-муҳит, унга таъсир этувчи омилларга боғлиқ. Ўз вақтида берилган тўғри тарбия ўғил-қизларнинг эртанги истиқболини белгилайди. Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройида ўтказилган тадбирда талабалар, академик лицей ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Тадбирда сўз олган генерал-полковник Зокиржон Алматов келажагимиз эгаларига хукуматимиз томонидан яратилаётган шароитлар хусусида тўхталиб, ўқувчиларнинг илм-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, спорт ва бошқа тўгаракларга қатнашиши, билим, тафаккурини бойитишлари учун имкониятлардан унумли фойдаланишлари кераклигини такидлади.
Шунингдек, яқин ўтмиш ва бугун ўртасидаги ўзаро тафовуд, тинчлик аталмиш улкан бахтнинг ўз-ўзидан бунёд бўлмаганлиги, бунда халқпарвар ватандошларимиз шу жумладан ички ишлар органлари ходимларининг ҳам катта хиссаси борлигини эътироф этди. Ёшларни турли иллатлар домига тушмаслиги, оила, Ватан аталмиш муқаддас тушунчаларни қадрлаб яшашга ундади. Ўз кечмишидан ўтказган тарихий мисоллар билан ёшлар қалбига кириб борди. Бу эса учрашувнинг янада жонли, қизиқарли ўтишини таъминлади. Ўғил-қизлар ҳам ҳамиша халқ хизматига камарбаста инсонлар бўлишга ваъда бердилар.
Фаол ёшларга китоблар совға қилинди. Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан учрашув бўлиб ўтди. Санъаткор томошабинларга юзланиб, ёшлик шижоати ва қудратини беҳуда сарф этмасдан, ўқиш ва изланишда бўлишга чорлади.
Тадбир дилтортар куй ва қўшиқлар билан давом этди.
Бир сўз билан айтганда, учрашув чин маънода ёшлар маъанавиятини бойитиш ва миллий қадрияларимиз руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати