1 Октябр 2020 йил 543

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожоновнинг 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан байрам табриги

Муҳтарам устоз-мураббийлар!

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан Ички ишлар органлари тизимидаги таълим муассасаларида фидокорона хизмат қилиб келаётган барча устоз-мураббийларни самимий табриклайман.

Ички ишлар тизимини чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлган, етук кадрлар билан таъминлаш, ҳар томонлама баркамол тингловчи ва курсантларни тарбиялаш, уларга касб сирларини ўргатиш, ватанпарвар, мард ва жасур юрт ўғлонларини камолга етказишдек масъулиятли вазифани бугун тизимда фаолият юритаётган устоз ва мураббийларимиз шараф билан адо этиб келмоқдалар.

Халқимиз азал-азалдан устозларни мўътабар ва табаррук зот сифатида эъзозлаб келган. Кўп йиллардан буён бутун мамлакатимизда, шу жумладан, Ички ишлар органлари тизимида ҳам ушбу сана халқимизга хос бўлган эзгу анъаналарнинг амалдаги ифодаси сифатида кенг нишонланиши бежиз эмас.

Айниқса, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда таълим соҳасини тубдан ривожлантириш, ўқитувчи ва мураббийлар, устозларнинг обрў-нуфузини юксалтириш, уларга кенг шароит ва имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда таълимга, ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, ўз навбатида фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, замонавий билим ва касб-ҳунарларни мукаммал эгаллаган, энг асосийси, она Ватанимиз тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қилишга тайёр шахслар бўлиб катта ҳаётга қадам қўйишларига замин яратиши шубҳасиз.

Бу борада таълим соҳасида меҳнат қилаётган барча профессор-ўқитувчилар қаторида Ички ишлар тизимида фаолият кўрсатаётган азиз устоз-мураббийларимиз ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан ўзининг бор куч ва салоҳиятини, билим ва тажрибасини сафарбар этиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишларига ишонамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Ички ишлар органларида илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, ёшларга замонавий талаблар асосида билим бериш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни камол топтириш ишларига улкан ҳисса қўшаётган азиз устозларимизни яна бир бор қутлаб, уларга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилайман.

Вазир, генерал-лейтенант
П.Р. Бобожонов

Text to speech