16 Март 2021 йил 355

Фидойи ходимлар муносиб рағбатлантирилди

Фарғона шаҳар ИИОФМБ ходимлари иштирокида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, касб одоби масаласига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Файзулло Ортиқбоев иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш, фуқаролар билан муомала маданиятини яхшилаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, таъмагирлик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик борасида зарур тавсиялар берилди.

Тадбир жараёнида хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фош этишда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шунингдек, жиноятларни фош этишда соҳа ходимларига яқиндан ёрдам берган профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари ва бир нафар фуқаро ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech