Фарғоналик соҳа маликалари Наманган вилоятига саёҳат қилишди
Фарғона вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси ташаббуси билан вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизлар Наманган вилоятига саёҳат қилдилар.
Ходимларнинг маданий ҳордиқ олишларини ташкил этиш, юртимизнинг бой ўтмиши, тарихий қадамжолари билан таништириш мақсадада уюштирилган ушбу саёҳат унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Наманган шаҳрида ўтказилаётган 60-Халқаро гуллар фестивалида иштирок этишди.
Фестивал доирасида ташкил қилинган кўргазмалар, гул етиштириш ва ландшафт дизайни бўйича маҳорат дарслари, фольклор ансамбллари ва ўзбек эстрадаси юлдузларининг чиқишлари, миллий ҳунармадчилик ва халқ амалий санъати асарлари намойиши соҳа маликаларининг кайфиятини кўтариб, бир олам завқ улашди.
Куннинг иккинчи ярмида саёҳат Тўрақўрғон туманида жойлашган атоқли маърифатпарвар олим Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасида давом этди. Меҳмонлар мажмуадаги музей экспонатларини томоша қилиб, улуғ аждодимиз ҳаёти ва ижод йўли ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар.
Наманган шаҳрида жойлашган «Афсоналар водийси» истироҳат боғи ҳам саёҳат иштирокчиларига жуда манзур бўлди.Кейинги пайтларда бошқармамиз томонидан бундай маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар тез-тез ташкил этилмоқда, – дейди Фарғона вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бош инспектори, майор Мўминахон Фозилхўжаева. – Шу ўринда саёҳатимизни ташкил қилишда ҳар томонлама амалий ёрдам берган наманганлик ҳамкасбларимизга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати