16 Сентябр 2020 йил 538

Фарғоналик ички ишлар органлари ходимларининг 49 нафари «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирландилар

Коронавирус пандемияси даврида фидойилик кўрсатган ходимларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларни рағбатлантириш мақсадида 26 август куни давлатимиз раҳбари томонидан «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги Фармон имзоланганди.

Мазкур фармонга мувофиқ, пандемияга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамоат тартибини сақлашда мардлик ва жасорат кўрсатган фарғоналик ички ишлар органларининг 49 нафар ходимлари ҳам «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Вилоят ички ишлар бошқармасида тантанали тадбир ташкил этилиб, бошқарма раҳбарияти томонидан кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди.

Коронавирус пандемиясининг олдини олиш, унга қарши курашиш ва халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда нафақат шифокорлар, балки, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари ҳам муносиб иштирок этмоқдалар.

Касбига садоқатли, фидойи инсонларнинг меҳнати эътибордан четда қолмайди. Мукофотланганлар ўз хизмат фаолиятлари давомида Президентимиз билдирган юксак ишончни оқлаб, бор куч ва имкониятларини ишга солиб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ваъда бердилар.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech