Фарғонада Пробация гуруҳи ҳисобида турган, кам таъминланган маҳкумларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди
Вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Адҳамов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бағдод тумани ИИБ пробация бўлинмалари ҳисобида туриб, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг турмуш шароити ва оилавий аҳволи билан танишиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам берди.
Бугунги карантин шароитида кўплаб оилалар иш жойи ва даромад манбаидан вақтинча бўлсада маҳрум бўлган. Аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож бундай қатламини асло эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Ҳукуматимиз томонидан берилган имконият туфайли ўз уйида, фарзандлари ва оиласи бағрида жазо муддатини ўтаётган фуқароларимизнинг ҳолидан ҳозирги қийин вазиятда хабар олиш, оилавий шароитини ўрганиш, кўмак бериш уларни қайта жиноят содир этишларини олдини олиб, соғлом турмуш тарзига қайтишларига ёрдам беради.
Бошқарма раҳбарияти томонидан пробация назорати остида турган шахслар билан юзма-юз, очиқ мулоқот ўтказилиб, кам таъминланган маҳкумларга моддий ва манавий ёрдам кўрсатилди. Кундалик эҳтиёж учун зарур бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари беминнат тарқатилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати