20 Апрел 2020 йил 340

Фарғонада карантинни бузиб, ИИБга бўйсунмаган фуқаро жазоланди

Коронавирус пандемиясига қарши курашни янада кучайтириш бўйича мамлакатимизда барча зарур чоралар кўрилмоқда. Дунё миқёсида глобал муаммога айланган пандемия хавфини юмшатиш ва унинг кенг тарқалишини олдини олиш борасидаги энг зарур чоралардан бири бу шубҳасиз аҳолининг яшаш хонадонида бўлиши, зарур бўлган озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларидан ташқари ҳолатларда кўчага чиқмаслик ва карантин қоидаларига қатъий амал қилишдир. Акс ҳолда қонун доирасида чора кўрилишига сабаб бўлади. Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кескин чоралар билан кураш олиб борилаётган айни бир пайтда, мазкур ўрнатилган тартиб қоида талабларига ҳамма ҳам риоя қиляптими деган ҳақли савол туғилади. Аммо орамизда шундай фуқаролар борки, улар нафақат белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаяпти, балки, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда ҳаракат қилаётганлар хам учраб турганлиги ачинарли ҳолатдир. Фурқат туманида истиқомат қилувчи Б.Й. ана шундай фуқаролардандир.

Ўзбекистон туман маъмурий суди раиси Авазбек Рахимовнинг маълум қилишича, ҳуқуқбузар Б.Й. 2020 йил 13 апрель куни соат 14-00 ларда, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиб, Фурқат тумани Ингичка МФЙ худудида жойлашган назорат постида бақир чақир қилиб, фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда жамоат тартибини бузиб, туман ИИБ профилактика инспекторининг безорилик хатти-ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармасдан, майда безорилик қилган.

Ҳуқуқбузар Б.Й.нинг юқоридаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон туман маъмурий суди томонидан 2020 йил 14 апрель куни очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар Б.Й. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 54-моддаси 2-қисми, 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 34-моддаси тартибида унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Азиз ҳамюртлар, зарурият бўлмаса уйдан чиқманг уйда қолинг. Карантин қоидаларига қатъий риоя қилинг! Бу билан Сиз ўзингизни, фарзандларингизни, яқинларингизни ва бутун Ўзбекистон халқини асраган ва коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишга жуда катта ҳисса қўшган бўласиз.

Манба Aniq.uz сайти

Text to speech