Фарғонада карантин постидаги ИИБ ходимига қаршилик кўрсатган маст «банкир» 15 суткага қамалди
Фарғонада карантин постига маст ҳолда бориб, ИИБ ходимига қаршилик кўрсатган Халқ банки ходими 15 суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га Учкўприк туман маъмурий суди раиси Камолиддин Раҳимов маълум қилди.
7 апрель куни соат тахминан 23:25 да Учкўприк тумани ҳудудида ташкил этилган карантин постида Халқ банкига тегишли хизмат машинаси ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Машинада йўловчи сифатида келаётган Халқ банки ходими Б.А. ИИБ ходимларининг ҳужжатларни текшириш ҳақидаги қонуний талабига буйсунмай, қаршилик кўрсатган.
«Б.А. жамоат жойида маст ҳолда ИИБ ходимини тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлаб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, майда безорилик содир этган», — дейилади хабарда. Ҳуқуқбузарга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар 8 апрель куни Учкўприк туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан айбли деб топилган «банкир»га 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Манба daryo.uz сайти