Фарғонада Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторининг қонуний талабини бажармасдан унга фаол қаршилик кўрсатган шахсга жиноят иши қўзғатилди
2020 йил 11 июль куни соат 16:00 ларда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ катта инспектори Т.Д. ўзига бириктирилган Қўқон шаҳар Фурқат кўчасида хизмат олиб бораётган вақтида, фуқаро Р.Д.га тегишли “SPARK” русумли транспорт воситасини тўхтатган.
Бироқ, ҳайдовчи Р.Д. бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ва карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда автомашина бошқараётганлиги аниқланган бўлсада, у катта инспектор Т.Д.нинг қонуний талабини бажармасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, автомашинасини унга қарата ҳайдаб, автомашинасининг ён томони билан инспекторни уриб, автомашинанинг олд қисмига ётиб қолганидан фойдаланиб, инспекторнинг автомашинани тўхтатиш ҳақидаги талабини бажармасдан, уни тушириб юбориш мақсадида хавфли манёврлар қилган ҳолда йўлнинг қатнов қисми бўйлаб 98 метр масофага қадар судраб бориб, енгил тан жароҳати етказган. Ҳайдовчи ҳодиса жойидан қочиб кетмоқчи бўлганида эса, ИИО ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Р.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.