4 Август 2020 йил 600

Фарғона вилоятининг олис Шоҳимардон қишлоғида 1 августдан “Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати” фаолият юритмоқда

Маълумки, 2021 йилдан МДҲга аъзо давлатларга чиқиш фақат хорижга чиқиш биометрик паспорти билан амалга оширилади. Вилоятимизнинг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош олис ҳудудидаги Шоҳимардон қишлоғи аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан туманда “Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати” фаолияти йўлга қўйилди.

Республикада ягона бўлган, тажриба тариқасида жорий этилган мазкур сайёр хизмат тури “ГАЗЕЛЬ” русумли замонавий автомобиль таркибига жойлаштирилган бўлиб, малакали мутахассислар ва барча зарурий техник қурилмалар билан таъминланган.

Энг асосийси, ушбу қулайликдан қишлоқдаги ногиронлиги бўлган, кекса ёшдаги ҳамда қишлоқ марказидан олис ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқаролар миннатдор бўлишмоқда.

Ҳар куни 200 нафарга яқин фуқароларга миграция хизмати кўрсатилиб, хорижга чиқиш биометрик паспорти учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Хабарингиз бор, бундан аввал вилоятимизнинг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош олис ҳудудидаги Сўх тумани аҳолисига ҳам қулайлик яратиш мақсадида мазкур сайёр хизмат туридан фойдаланилиб, 2000 га яқин сўхлик фуқароларга миграция хизмати кўрсатилиб, хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштириб берилган.

Албатта, бу каби саъйи-ҳаракатлар чекка ҳудудлардаги фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech