19 Август 2020 йил 739

Фарғона вилоятининг олис Шохимардон қишлоғида “Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати” ташкил этилгандан буён 3500 га яқин фуқаролар хорижга чиқиш паспортига эга бўлдилар

Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизнинг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош олис ҳудудидаги Шохимардон қишлоғи аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан “Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати” фаолияти йўлга қўйилган эди.

Республикада ягона бўлган, тажриба тариқасида жорий этилган мазкур сайёр хизмат тури “ГАЗЕЛЬ” русумли замонавий автомобиль таркибига жойлаштирилган бўлиб, малакали мутахассислар ва барча зарурий техник қурилмалар билан таъминланган.

Ўтган муддат давомида ушбу хизмат тури орқали 3500 нафарга яқин шохимардонлик фуқароларга миграция хизмати кўрсатилиб, хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштиришга эришилди. Қолаверса, 55 нафар 16 ёшга тўлган ўғил қизларга биринчи марта фуқаролик паспорти расмийлаштирилди, шу билан бирга 1 нафар шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул килиш бўйича ҳужжатлари қабул қилинди.

Айни пайтда "Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати" вилоятимизнинг анклав ҳудуди бўлган Чўнғара қишлоғида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Бу каби саъйи ҳаракатлар энг аввало халқимизнинг бахтли ҳаёти ва осойишталигини таъминлашга қаратилган.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech