15 Июл 2020 йил 744

Фарғона вилояти ички ишлар органларида ҳам хизматига қабул қилишнинг сифат жиҳатдан янги соддалаштирилган тартиби жорий этилди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аввало, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳамда бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фарғона вилояти Ички ишлар органларида ҳам бу борада амалий тадбирлар йўлга қўйилиб, соҳага юқори касбий маҳоратга эга, зиммасига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндашадиган, маънавий баркамол ва етук кадрларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 августдаги ПҚ–3919-сон қарори ҳамда Вазирликнинг тегишли меъёрий буйруғи талаблари асосида, жорий йилнинг июль ойи давомида бўш офицерлик таркиби лавозимларини юқори маънавий-аҳлоқий, ишчанлик ва касбий сифатларга эга номзодлар билан жамлаш, ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида, ички ишлар органларига қабул қилишнинг сифат жихатдан янги соддалаштирилган тартибида танловлар ўтказилди.

Танловларни ўрказишда адолат, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосан жамоатчилик назорати ўрнатилиб, номзодларнинг ота-оналари ва жамоатчилик вакилларини қабул комиссиясида иштирок этишлари таъминланди.

Якуний танлов-суҳбат жараёнида иштирок этган 230 нафар номзодлардан қабул комиссияси томонидан юқори баҳоланган 75 нафари Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг профилактика инспектори лавозимларига қабул қилинди.

Соҳага қабул қилинган ёш ходимлар ўзларининг билим ва касбий маҳоратлари билан ҳалқ манфаатларига хизмат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишнинг самарадорлигини оширишга ўз ҳиссаларини қўшишади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech