18 Июн 2020 йил 530

Фарғона вилояти ИИБда 3-сектор кесимидаги эҳтиёжманд оилаларни йил якунигача камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳамда олдинда турган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўқув-семинари ташкил этилди

Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан вилоятдаги 43 мингдан зиёд оилани йил якунига қадар эҳтиёжманликдан чиқариш бўйича амалий ҳаракатларга киришилди.

Вилоят ИИБга бириктирилган 3-сектор кесимида ҳам 10 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилган.

Видеомулоқот тарзида ўтказилган ўқув-семинарида вилоят ИИБ раҳбарияти, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этдилар.

Тадбир давомида 19 та шаҳар-туман ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда масъулларига эҳтиёжманд қатламга кўмаклашиш учун ташкил этилган 4 та комплекслар, ундаги лойиҳалар ва иш ўринлари тўғрисида тушунчалар берилиб, эҳтиёжманд оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаб, уларни муҳтожликдан чиқариш, бунда ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш зарурлиги уқдирилди.

Семинарда вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда тижорат банклари ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга масъул эканлиги таъкидланди.

Видеомулоқотда иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш комплекслари бўйича иш ўринларини тақсимлаш тартиблари ҳам тушунтириб берилди.

Семинарда иштирокчилар ислоҳотларни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш усуллари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech