9 Феврал 2021 йил 1521

Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси раҳбарияти иштирокида ёшлар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилди

Жорий йилнинг 1 февралидан 1 март кунига қадар ўтказилаётган “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларининг тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги доирасида Фарғонада ҳам учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари ҳамкорлигида Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида ҳам ана шундай тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва ОИТС касаллигининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталдилар.

Шифокорлар гиёҳванд моддалар инсон руҳиятига қаттиқ таъсир этиши, уни ўзига қарам қилиб олиб, бора-бора саломатликка жиддий зарар етказишини аниқ мисоллар орқали гапириб беришди.

Тадбирда талаба-ёшлар гиёҳвандлик иллати ва ОИТС касаллигининг келиб чиқиши ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга малакали мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар. Гиёҳванд моддаларни етиштириш, сақлаш ва сотиш жиноят эканлиги, унинг ҳуқуқий оқибатлари содда тилда тушунтириб берилди.

Тадбир якунида зарарли иллатлар таъсирига тушиб, ўз умрини хазон қилган кишиларнинг афсус ва надоматлари, сўнгги пушаймонлари акс эттирилган видеофильм намойиш қилинди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech