Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Видеоселектор тарзида бўлиб ўтган йиғилишда жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ҳамда тергов бошқармалари ходимлари иштирок этишган бўлса, ҳудудларда шаҳар-туман ИИБ мутасадди раҳбарлари онлайн тарзда қатнашиб бордилар.
Йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Д.Тошходжаев очиб, кун тартибидаги масалани чуқур таҳлил қилди ва келгусида хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш борасида ходимларга зарур тавсиялар берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Д.Азизовсўзга чиқиб, соҳада хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда йўл қўйилган айрим камчиликлар тўғрисида фикр юритди.
Йиғилишда ички ишлар органларида “устоз-шогирд” анъаналаридан самарали фойдаланиш, турли соҳавий хизмат ходимлари ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, суриштирув ватергов жараёнларида адолатни таъминлаш каби долзарб масалаларда атрофлича сўз юритилди.
Тадбир жараёнида хизмат интизомига қатъий амал қилмайдиган ходимлар қаттиқ танқид қилиниш билан бирга, жиноятларнинг олдини олиш ва фош этишда юқори касб маҳоратини намоён этиб, сафдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ фидойи ходимлар пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғига янги маслаҳатчи вазифасига тайинланган, истеъфодаги полковник Ибрагим Исмаилов ходимларга таништирилди.
Соҳада бой тажриба тўплаган янги маслаҳатчи сўзга чиқиб, ёш ходимларни тарбиялаш, соҳа ходимлари ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни, ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларида раҳбариятга яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати