Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти хизмат пайтида халок бўлган ходимларнинг фарзандларига ҳам алоҳида эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатди
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан хизмат пайтида халок бўлган ходимларнинг фарзандларига ҳам алоҳида эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатди.
Улар учун бир кун давомида қизиқарли саёҳат ва байрам томошалари ташкил этилди.
Саёҳат Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги истироҳат боғидан бошланди. Болажонлар вилоят ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳамда ота-оналари ҳамроҳлигида эл суйган шоир ҳаёти- ижодига бағишланган музейга кириб, ноёб экспонатлар билан яқиндан танишдилар.
Ушбу истироҳат маскани ёнида ташкил этилган кўчма ҳайвонот боғи ҳам кичкинтойларда унутилмас таассурот қолди.
Марғилон шаҳридаги Ҳунармандчилик марказида бўлган саёҳатчилар атлас ва адрас каби миллий матоларимиз ҳамда гилам тўқиш жараёнини ўз кўзлари билан кўриб, бир олам завқ олишди.
Музқаймоқ ва ширинликлардан иборат мароқли тушликдан сўнг болалар Аҳмад ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида сайр қилишди.
Шу ердаги ёзги саҳнада Фарғона вилояти қўғирчоқ театри актёрлари томонидан ўзбек халқ эртаклари асосида тайёрланган ажойиб спектакл томошалари намойиш қилинди.
Саёҳат ва байрам дастурлари болажонлар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Фарғона вилояти ИИб Ахборот хизмати