29 Май 2020 йил 750

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси фаолиятига “102” тизими жорий этилишига оз фурсатлар қолмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Фарғона вилоятида илк бор Тошкент шаҳри тажрибаси асосида жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва қайд этишнинг автоматлаштирилган «102» ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши билан Фарғона вилоятида марказлашган маълумотлар қабул қилиш тармоғи вужудга келади.

Тизим орқали фуқаролар содир бўлган воқелик, хабар ёки мурожаатни нафақат қўнғироқлар орқали, балки тезкор тарзда SMS, интернет тармоғи, «SOS» хабарлари ва бошқа манбалардан юборишлари мумкин бўлади.

24 соат мобайнида узлуксиз фаолият олиб борувчи “102” тизими инсон омилининг аралашувига чек қўяди.

Вақт ва ҳаракат тежалиши ортидан эса, оғир оқибатларни келтириб чиқарувчи салбий ҳолатларни олди олинади.

Унинг имкониятларидан фойдаланиб, куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланиши натижасида жиноятларнинг иссиқ изида фош этилишига ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тез фурсатда тикланишига эришилади.

Ҳозирда “102” тизими учун зарур замонавий сервер, компьютер ва коммуникация қурилмалари Ички ишлар бошқармасига олиб келинди, шу билан бирга ажратилган бинога шиша толали алоқа тармоғи тортилди.

Шунингдек, янги тизимнинг йўлга қўйилиши бўйича Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси, "UZTELECOM" ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассислари ҳам жалб этилган бўлиб, фарғоналик айни соҳа вакиллари билан биргаликда ўзаро тажриба алмашмоқдалар.

Яқин келажакда Фарғона вилоятида “102” тизимининг жорий этилиши, энг аввало, фуқаролар билан ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, Ички ишлар органлари ва аҳоли ўртасидаги ижобий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилади.

Амалий ишларнинг бориши ҳақида келгусида қўшимча хабарлар бериб борамиз.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech