Фарғона шаҳрида ЙҲХБ инспекторига 250 АҚШ доллари миқдордаги пулларни пора тариқасида бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Фарғона шаҳри. Жорий йилнинг 9 декабрь куни фуқаро А.А. Фарғона шаҳар ИИО ФМБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими маъмурий амалиёт инспектори М.А.га мурожаат қилиб, жияни С.М. Фарғона шаҳар ҳудудида “Нексия-3” русумли, автомашинани спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқарганлиги учун, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси жарима майдонига жойлаштирганлигини айтиб, фуқаро С.М.нинг ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилмасдан, суд томонидан қўлланиладиган жарима миқдорини камайтиришда ёрдам беришини сўраб, эвазига 250 (икки юз эллик) АҚШ доллари миқдорида пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Фуқаро А.А.га инспектор томонидан ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиб, ҳаракатида пора бериш жинояти борлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилиб, жиноятдан қайтаришга ҳаракат қилинишига қарамасдан, фуқаро пора таклиф қилишда давом этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ҳамда Фарғона шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, А.А исмли шахс ЙҲХБ инспекторига Фарғона шаҳар, Мустақиллик кўчасида 250 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда, тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати