Фарғона шаҳрида фаррош уй эгасини тунади
Фарғона шаҳри. 21 апрель куни Тинчлик кўчасида яшовчи Х.Э. исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда шу куни номаълум шахс яшаш хонадонига эшик қулфини калит танлаш йўли билан очиб кириб, хонадон ётоқхонасида тахланган кўрпа тахламлари орасида бўлган умумий нархи 10.000.000 сўмлик тилла-тақинчоқларини яширин равишда ўғирлаб кетгани ҳақида хабар қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Қ.А исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, далилий ашё билан ушланган.
Гумон қилинувчи Қ.А. исмли аёл жабрланувчи Х.Э. исмли аёлнинг яшаш хонадонида фаррош бўлиб ишлаб, тозалаш ишлари вақтида мазкур тилла-тақинчоқларни яширин равишда ўғирлаганлиги аниқланиб, жиноят иши Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмига қайта малакаланган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати