Фарғона бозорларида карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар
Республика махсус комиссияси қарорига асосан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш юзасидан изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Карантин билан боғлиқ чекловлар муддатининг узайтирилиши муносабати билан деҳқон бозорларида дизенфекцион ҳолатни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чоралар белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, Фарғона шаҳридаги марказий деҳқон бозорида ва бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган озиқ-овқат дўконларида ижтимоий масофа сақлаган ҳолда “зигзаг” тартибида савдо қилиш тартиби йўлга қўйилди. Сотувчи ва харидорлар учун масофа сақлашга оид эслатмалар жойлаштирилди, шунингдек, ҳар икки метрга чизиқлар чизилди.
Шунингдек, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган барча расталарнинг олдига махсус ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди.
Бозорга кириш жойларида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келаётган шахсларнинг карантин қоидаларига риоя этиши, тиббий ниқобдалиги ва ижтимоий масофа сақлашини назорат қилиб боришмоқда.
Бозорга киришда дезинфекция туннели ва санитария пости ўрнатилди. Бу ерда ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчаниб, зарарсизлантириш ишлари ўтказилгач, бозор ҳудудига киритилмоқда.
Бозор ҳудудида карантин чоралари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида дезинфекция гуруҳлари ташкил қилинди.
Бозордаги радиотармоқ орқали карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, сотувчилар ҳамда харидорлар ўртасида камида 2 метр масофа сақлаш зарурлиги, сунъий равишда нарх-навонинг ошишишига йўл қўйган тадбиркорларга қатъий чоралар кўрилиши, шунингдек, асоссиз миш-мишлар тарқатмаслик ҳақида эшиттиришлар бериб борилмоқда.
Кўрилаётган бу каби чора-тадбирлар энг аввало, фуқароларимиз соғлигини муҳофаза қилишга, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган
Фуқароларимиздан ушбу тартибларга қатъий амал қилишларини сўраймиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати