6 Май 2021 йил 454

Фарғонада иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига эҳтиром кўрсатилмоқда

Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам сектор раҳбарлари Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларида бўлишиб, фахрийларга эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатмоқдалар.

Масалан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозаров, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Дониёр Ташходжаев ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, сектор бошлиқлари Олтиариқ туманининг Оқбўйра маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ички ишлар органлари фахрийси Тўланбой ота Шокировнинг ҳолидан хабар олдилар. 98 ёшли нуронийга Давлатимиз раҳбарининг табриги ўқиб эшитирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан белгиланган 12 миллион сўм, Ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 5 миллион сўм пул мағлаблари ва бошқа қимматбаҳо совғалар ҳам шахсан фахрийнинг қўлига топширилди.

Риштон туманининг Оқ ер маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ички ишлар органлари фахрийси Мирзааҳмад ота Сулаймонов ҳам кўрсатилаётган эҳтиромдан боши осмонга етмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ раҳбарлари унинг уйига бориб, Давлатимиз раҳбари фармони билан белгиланган пул маблағи, ИИВ томонидан ажратилган маблағ ва вилоят ички ишлар бошқармасининг эсдалик совғаларини тантанали равишда топширдилар.

Отахон эса табрик ва ажратилган маблағ учун Президентимизга раҳматлар айтиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик абадий бўлишини сўраб дуо қилди.

Иккинчи жаҳон урушининг тирик афсоналари, жангоҳларда мардлик ва матонат кўрсатган фахрийларга эҳтиром кўрсатиш бўйича тадбирлар давом этмоқда.


Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech