22 Феврал 2020 йил
450
Ер участкаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланган ва эгаллаб олган шахслар жавобгарликка тортилди.
Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси тасдиқланган. Унда қишлоқ хўжалиги ерларида, сув ва гидроиншоотлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва сотиш, логистика ва маркетинг тизимларини ривожлантириш ҳамда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда илм-фан ва амалиёт интеграциясини жадаллаштириш каби муҳим йўналишлар белгилаб олинган.
-Концепцияда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан самарасиз фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилган, дейди Тошлоқ туман маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамов. -Концепция ижроси юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, бу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жазо тизими бир қанча кучайтирилди ва судлар томонидан бу турдаги ишлар кўриб чиқилмоқда.
Тошлоқ туман маъмурий суди томонидан агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тошлоқ туман бўлими томонидан И.Абдуллаевга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилди.
Иш ҳолатига кўра, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тошлоқ туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган мониторинг текширишида И.Абдуллаев “Ғуломжон Машраб ўғли” фермер хўжалиги ҳисобидаги 254-сонли контуридаги ер майдонининг 0,30 гектар қисмини томорқа қилиб олиб, ўзбошимчалик билан фойдаланиб келгани аниқланган.
Суднинг қарори билан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 60-моддасини 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида 1 миллион 115 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Ушбу ҳолатда ўзбошимчалик билан фойдаланиб келинган ер майдонининг қонуний эгасига қайтарилиши таъминланган.
Ғ.Мирзаев “Ғуломжон Машраб ўғли” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келиб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 40,79,90-моддалари талабларига зид равишда, фермер хўжалиги ҳисобидаги 254-сонли контуридаги ер майдонининг 0,3 гектар қисмини бошқа фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олишларига йўл қўймаслик чораларини кўрмагани аниқланган.
Суднинг қарори билан унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Х.Мирзакаримов Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексининг 90-моддаси талабларига зид равишда “Saidbek Sardorbek fayz” фермер хўжалиги ҳисобидаги 96-сонли контурдаги ер майдонини 0.01 гектар қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, бино-иншоотлар қуриб олгани аниқланган.
Суд мажлиси давомида ноқонуний қуриб олинган бин-иншоотлар Х.Мирзакаримов томонидан бузиб ташланиб, ер майдони бўшатилгани ҳамда иш бўйича етказилган моддий зарарни тўлиқ тўлаб берилгани сабабли, суднинг қарори билан унга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари тугатилиб, жавобгарликдан озод қилинди.