Эндиликда химоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт
Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисидаги Қонун имзоланди ва матбуотда эълон қилинди.
Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилган бўлиб, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт этиб белгиланди.
Шунингдек, мажбурий видеоёзувга олинадиган процессуал ҳаракатлар доираси кенгайтирилиб, уларга қуйидагилар киритилди:
-ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш;
-тинтув;
-кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш;
-тергов эксперименти;
-шахсни ушлаш;
-ҳимоячидан воз кечиш;
Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолда ички ишлар органига ёки ҳуқуқни мухофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтирилиши шарт.
Юқоридаги ўзгартиришлар тергов жараёнида жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қонуннинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.
https://lex.uz/pdfs/4812289
Фарғона вилоят ИИБ Ахборот Хизмати