23 Апрел 2020 йил 1428

Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ФАРМОНИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва Ички ишлар вазирлигининг рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш ҳамда биринчи босқичда қуйидагиларни амалга ошириш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин:

“доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчаларини “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартириш;

фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имкониятини яратиш;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоидани олиб ташлаш;

оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши;

илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олиш;

тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чекловни бекор қилиш;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассисларни (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш;

республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартибини бекор қилиш.

Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур бандда назарда тутилган талаблардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритсин.

2. Маълумот учун қабул қилинсинки:

а) 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди;

б) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда – “Манзил” тизими) воситасида амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини “Манзил” тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади;

в) доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

3. Белгилансинки:

а) 2020 йил 1 сентябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;

доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби бекор қилинади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;

б) туғилган болага фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан уни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади;

в) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва у паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

4. “Манзил” тизимининг “ягона дарча” тамойили асосида тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида:

а) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

2020 йил 1 августга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини онлайн тарзда ҳарбий ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тизимини жорий қилсин;

2021 йил 1 январга қадар ҳарбий ҳисоб ҳужжатларини автоматлаштириш мақсадида картотека маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда рақамлаштириш чораларини кўрсин;

мазкур Фармоннинг 2-банди “б” кичик бандида белгиланган муддатлардан келиб чиққан ҳолда, “Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси” автоматлаштирилган ахборот тизимини Ички ишлар вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда “Манзил” ва “Хорижга чиқиш паспорти” ахборот тизимлари билан интеграция қилсин;

ҳарбий ҳисоб ҳужжатларини, ҳарбий хизматга мажбур фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ҳудудий мудофаа ишлари бўлимларига реал вақт режимида электрон тизим орқали юбориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази маълумотлар базаси билан идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви” ахборот тизимини “Манзил” тизимига интеграция қилсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 сентябрга қадар вояга етмаганларни туғилганлик ҳақида гувоҳномаси маълумотларига ҳамда вояга етганларни жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда васийлик ва ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон базасини яратсин ва уни Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда “Манзил” тизимига интеграция қилсин;

г) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда “Манзил” тизимига интеграция қилсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳисобга олинган ижара шартномалари бўйича ижарачи ва уй эгасининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ҳамда кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мақсадида “Солиқ” ахборот тизимлари комплексини “Манзил” тизимига интеграция қилсин;

е) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси мазкур Фармоннинг 2-банди “б” кичик бандида белгиланган муддатлардан келиб чиққан ҳолда:

идоралараро электрон ҳамкорлик тизими асосида “Манзил” тизимига кўчмас мулк эгаси ёки унинг юридик манзили ўзгарганда, кўчмас мулк объектларининг манзиллари ягона реестридан ўзгарган маълумотларнинг тақдим этилишини;

кўчмас мулк эгаси бўлган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд бўлмаганда, “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланиб ва ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, уни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасидан олишни йўлга қўйсин;

ж) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда аҳолига тақдим этилаётган электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида электрон рақамли имзо ўрнига шахсни тасдиқлашнинг муқобил шаклларини, шу жумладан, мобиль алоқа телефон рақамлари орқали шахсни тасдиқлашнинг қўшимча имкониятларини яратишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритсин;

мазкур Фармоннинг 2-банди “б” кичик бандида белгиланган муддатлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ишларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш имкониятини яратсин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУК билан биргаликда 2020 йил 1 августгача Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш мақсадида тегишли ахборот тизимларини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Мудофаа вазирлигининг мурожаатига мувофиқ 2021 йил 1 январга қадар Мудофаа вазирлигининг “Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси” тизимини жорий этиш учун туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларининг белгиланган тартибда Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига уланишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишда давлат хизматларининг автоматик тарзда кўрсатилиши учун тегишли идораларга хабарнома юборилишини ташкиллаштирсин;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни талаб этадиган барча давлат хизматлари ҳамда бошқа маъмурий тартиб-таомилларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниш орқали амалга ошириш имкониятини яратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий суди мазкур Фармоннинг 2-банди “б” кичик бандида белгиланган муддатлардан келиб чиққан ҳолда Олий суд ахборот тизимини Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” тизими билан интеграция қилиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) 2021 йил 1 январга қадар шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини юритиш тизимини йўлга қўйсин ва ички ишлар органлари тизимида мавжуд ҳужжатлар ва маълумотларни фуқаролардан талаб қилмаслик бўйича чоралар кўрсин;

б) бир ой муддатда ушбу Фармоннинг ижроси юзасидан фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатлар асосида тизимли мониторинг олиб бориш мақсадида ўз веб-сайтида тушган мурожаатларнинг мазмуни барчага очиқ бўлган ва уларни муҳокама этиш имконини берадиган махсус саҳифанинг ишга туширилишини таъминласин ҳамда зарурат бўлганда идоралараро маълумот алмашинуви тизимини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириб борсин;

в) икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибининг ислоҳ этилиши ҳамда яратилаётган электрон тизим имкониятларидан келиб чиқиб, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари учун белгиланган тартиботларни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

паспорт режимини бузиш ҳолатларини аниқлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.

9. Вазирлар Маҳкамаси:

бир ҳафта муддатда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқласин;

бир ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиришларни қонун ҳужжатларига киритиш чораларини кўрсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

                Ўзбекистон Республикаси
                Президенти                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2020 йил 22 апрель


Манба: УзА

Text to speech