Бувайда туманида хонадон сотиб олмоқчи бўлган фуқаро 7.300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларига алданди
Бувайда тумани. 2019 йилнинг декабрь ойи охирларида фуқаро О.С. таниши У.Х.нинг ишончига кириб, танишлари орқали 7.300 АҚШ доллари эвазига Тошкент вилоятида янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини олиб беришини айтиб, пулларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фирибгарлик қонунга асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эсдан чиқарманг. Юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати