8 Март 2021 йил 491

БАЙРАМ КЎТАРИНКИ РУҲДА НИШОНЛАНДИ

Она диёримиз узра кўклам нафаси уфуриб турган шундай нурафшон кунларда мунис аёлларимиз, латофатли қизларимиз Халқаро хотин-қизлар кунини катта кўтаринкиликда нишонлашмоқда.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида ҳам соҳада фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар учун байрам тадбири ташкил этилди. “Афросиёб” мажмуасида байрам дастурхони ёзилиб, унга тизимда ишлаётган шаҳодатланган ва эркин ёлланган ходималар, фахрийлар таклиф этилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Дониёр Ташходжаев муҳтарама аёлларимизни байрам билан самимий муборакбод этиб, ўзбек аёллари нафақат оилада, балки жамиятимизнинг турли соҳаларида, хусусан, ички ишлар органларида ҳам самарали хизмат қилиб, эл-юрт осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан тақдирланган бир гуруҳ соҳа маликаларига I-III даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишони, эсдалик қўл соати ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ҳам бир гуруҳ фидойи ходималар муносиб тақдирланди. Соҳада узоқ йил ишлаб, нафақага чиққан фахрий аёлларга ҳам бошқарманинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Фарғоналик таниқли санъат намоёндалари, эстрада юлдузлари ва сўз усталари томонидан барчиной ва тўмарис издошлари учун катта концерт дастури намойиш этилди.


Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech