Қайинота 100 АҚШ доллари билан қўлга тушди
Ноқонуний никоҳ яна бир ноқонуний хатти-ҳаракатга сабаб бўлди.
Жорий йилнинг 12 феврал куни фуқаро М.М (аёл) Бешариқ тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унга кўра, турмуш ўртоғи Ж.М 2020 йилнинг 21 январь кунидан фуқаро Г.Ю билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келаётганлигини билдирган ҳамда унга ноқонуний никоҳ ўқиган “мулла”га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Ж.Мнинг отаси 51 ёшли М.А эса, профилактика инспектори хизмат хонасига келиб, никоҳ ўқиган "мулла"нинг шахсини аниқламаслик ва унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Профилактика инспекторининг ҳолат юзасидан раҳбариятга билдиргиси асосида 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда ИЖҚКД Бешариқ тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.А профилактика инспекторининг хизмат хонасида унга 100 АҚШдоллари миқдоридаги пулларни бераётган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, 100 АҚШ доллари холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинди.
Шунингдек, Ж.М ва Г.Ю ларга ноқонуний никоҳ ўқиган “мулла”нинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида олиб борилган суруштирув ишлари натижасида улар бир нечта “Домла”га борганликлари, лекин ФХДЁ бўлимидан рухсатноъмалари бўлмаганлиги учун никох ўқита олмаганликлари маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚКД Бешариқ тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмаси