Фарғонада ЙПХ инспекторига қаршилик қилган ҳайдовчи 15 суткага қамалди
Йўл патрул хизмати ходимларининг вазифаси йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш орқали фуқароларимизни қурбон бўлишлари ва тан жароҳати олишларини олдини олишдан иборат. Йўлларимизда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун эса барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, инспекторларнинг қонуний талабларини сидқидилдан бажариш талаб қилинади.
Жорий йилнинг 31 март куни йўл патрул хизмати инспектори Бағдод туманида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан ҳаракатланиб келаётган “ВАЗ-2102” русумли автомашинани тўхтатган вақтда, маст ҳолатда бўлган ҳайдовчи Д.Р. ҳодиса жойидан яширинишга уриниб, инспекторнинг қонуний талабларини бажармасдан, фуқаролар олдида уни ҳақорат қилиб, безорилик ҳаракталарини содир этиб, маъмурий баённома расмийлаштирмасликни талаб қилган.
Ҳайдовчи Д.Р. га нисбатан тўпланган ҳужжатлар Бағдод туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаётган инспекторларни вазифаси фуқаролардан жарима ундириш эмас, балки ҳайдовчилар, йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш учун хизмат қилаётганлигини эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати