Бозор назоратчисини уятли сўзлар билан сўккан фуқарога нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди
Хукуматимиз томонидан коронавирус тарқалиши шароитида бозорларда озиқ-овқат махсулотлари нархининг суньий равишда ошиб кетишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундай шароит сотувчи ва харидорлардан оғирлик ва босиқлик билан иш юритишни талаб қилади. Лекин орамиздаги айрим кимсалар қийин вазиятда қизиққонлик қилиб, ҳиссиётга берилиб, амалдаги қонунларни бузишмоқда.
Учкўприк туманида яшовчи Ш.Ч. 28 март куни туман деҳқон бозорида назоратчи А.Ю. билан картошка нархи баҳонасида жанжаллашиб, жамоят жойида уни уятли сўзлар билан сўкиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ҳуқуқбузарлик содир этган.
Унга нисбатан тўплан ҳужжатлар 31.03.2020 йилда Учкўприк туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, Ш.Ч. маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, ўн икки сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси карантин шароитида фуқароларни ўзаро ҳурмат билан муносабатда бўлишга, бир-бирларини қўллаб-қувватлашга чақириб қолади.
Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати