2020 йилнинг 11 май куни ижтимоий тармоқларга “7 май куни Қувасой шаҳар Азизов кўчасида яшовчи Йўлдошев Мирзохид касалхонада ўлди” сарлавҳали ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон хабар юзасидан
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Мазкур хабарда Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари томонидан Қувасой шаҳар Азизов кўчасида яшовчи М.Юлдашевга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши оқибатида вафот этганлиги тўғрисида мурожаат қолдирилган.
Интернет тармоқларида тарқалган хабар ўрганилганда, Қувасой шаҳар ҳудудида фуқаро У.Ш.нинг бир бош оти ўғирланганлиги ҳолати юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилган.
Мазкур жиноят иши доирасида муқаддам бир неча маротаба судланган М.Юлдашев юқоридаги жиноятни содир этганлиги тўғрисидаги кўрсатмаси асосида иш бўйича сўроқ қилиниб, у билан боғлиқ бўлган бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Қувасой шаҳар ИИБ томонидан фуқаро М.Юлдашев 2020 йилнинг 03 май куни процессуал тартибда ушланиб, зарурат қолмаганлиги сабабли 04 май куни ушлаб туришдан озод этилган.
Шу билан бирга, ўтказилган барча тергов ҳаракатлари белгиланган тартибда тўлиқ видеотасвирга олинган бўлиб, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан М.Юлдашевга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилмаганлигини, шунингдек ҳаёти учун бирор-бир тазйиқ ўтказилмаганлигини юқоридаги видеотасвирлар ҳам тасдиқлайди.
Бундан кўриниб турибдики, М.Юлдашевни сўроқ қилиш учун асослар етарли бўлиб, барча тергов ҳаракатлари процессуал тартибда амалга оширилган.
Фуқаро М.Юлдашевнинг вафот этганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид бўлиб, ҳозирда шикоят аризаси асосида бевосита ўзининг иштирокида Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.
Шунингдек, юқоридаги ҳолат юзасидан Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати