2020 йилнинг 05 май куни фуқаро У.Мирзохидованинг ижтимоий тармоқларга “Бефарқ бўлмаган қадрдонлар керакли одамларга етиб боришига ёрдам берилар илтимос” сарлавҳали видеомурожаати юзасидан
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Мазкур видеолавҳада фуқаро У.Мирзохидова фуқаро А.Ш.дан 200 млн. сўм миқдорида инвестиция олганлиги, бироқ орадан 6 ой ўтмасдан, фуқаро А.Ш. берган пулларини қайтариб олиш мақсадида Олтиариқ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилганлиги сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан “ноҳақ” жиноят иши қўзғатилиб, 40 соат давомида асоссиз ушлаб турилганлиги юзасидан мурожаат қолдирган.
Интернет тармоқларида тарқалган видеомурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳолат ўрганилганда, жорий йилнинг 11 март куни Олтиариқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро У.Мирзохидовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилганлиги маълум бўлди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқаро У.Мирзохидова томонидан фуқаро А.Ш.га 200 млн. сўм ҳамда 2 000 АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Иш бўйича фуқаро У.Мирзохидова ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, етказилган зарар қопланмаганлиги, мазкур жиноят оғир турдаги жиноятлар тоифасига киришлиги сабабли, 2020 йилнинг 4 май куни У.Мирзохидова Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган.
Бундан кўриниб турибдики, У.Мирзохидовани ушлаб туриш учун асослар етарли бўлиб, тергов ҳаракатлари процессуал тартибда амалга оширилган ва ушлаб туриш муддати бузилмаган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида гумон қилинувчи У.Мирзохидованинг оила аъзолари томонидан етказилган моддий зарар тегишли тартибда тўлиқ қопланганлиги сабабли, гумон қилинувчи У.Мирзохидова 2020 йилнинг 05 май куни ушлаб туришдан озод этилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати