ФАРҒОНАДА ТЕЗКОР ШТАБ ИШ БОШЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 14 апрелда ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда вилоятнинг барча ҳудудларига стратегик хом ашё, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва коронавирус пандемияси вақтида ҳаёт маромини белгиловчи объектларнинг ишчи-хизматчиларини ташишни ўз вақтида ташкиллаштириш мақсадида, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг «Фарғона вилояти ҳудудида иқтисодиёт, саноат, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги юк ва йўловчи транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра, вилоят ҳудудида коронавирус пандемияси вақтида иқтисодиёт, саноат, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги юк ва йўловчи транспорт воситаларининг харакатланишини ташкиллаштириш ва мониторингни таъминлаш бўйича Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Х.Адҳамов бошчилигида вилоят тезкор штаби тузилди.
Тезкор штаб вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ўз фаолиятини бошлади. Иқтисодиёт, саноат, озиқ-овқат, қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги юк ва йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланиши йўналишидаги саволларга қўйидаги телефон рақами орқали штаб аъзолари жавоб беради: 73-241-57-14;
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати