Фарғонада йўл-патруль хизмати катта инспекторига пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди
Фарғона шаҳар.Жорий йилнинг 29 январь куни Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори Х.Х. Қувасой кўчасида хизмат олиб бораётган вақтида, “Ласетти” русумли автомашинани текшириш учун тўхтатиб, автомашина ҳайдовчиси С.О.нинг тегишли ҳужжатларини текшириш давомида, автомашина ойналари туси рухсатномасиз ўзгартирилганлигини аниқлаб, унга нисбатан тегишли баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кирган. 30 январь куни ҳайдовчи унга қўнғироқ қилиб, автомашинани жарима майдонидан олиб чиқиб беришга ёрдам беришини, эвазига 500.000 минг сўм миқдорида пора таклиф қилган.
Фуқаро С.О.га катта инспектор томонидан ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиб, ҳаракатида пора бериш жинояти борлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилиб, жиноятдан қайтаришга ҳаракат қилинишига қарамасдан, фуқаро пора таклиф қилишда давом этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро С.О. катта инспектор Х.Х.га шаҳарда жойлашган автотураргоҳда 500.000 сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, 500.000 сўм холислар иштирокида далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати