Фарғона шаҳрида “Treker” автомашинасини олиб қочган шахс ушланди
Фарғона шаҳри. 30 июль куни фуқаро М.У. ИИБга мурожаат қилиб, унда номаълум шахс А.Навоий кўчасида жойлашган автомобилларни ювиш шахобчасига “Treker” русумли автомашинасини ювдириш мақсадида олиб келиб, калити билан қолдирилганидан фойдаланиб, автомашинани олиб қочиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми “а” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.Н. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати