Ёзёвон туманида “MAN Trailer” автомашина ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида ЙТҲ содир бўлди.Қурбонлар бор.
Ёзёвон тумани. 21 февраль куни соат 06:40 ларда фуқаро С.А. Янгибўстон маҳалласи ҳудудида “MAN Trailer” русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, ухлаб қолади. Натижада рул бошқарувини йўқотиб, автомашинани чап томонга буриб юбориши туфайли ўзи билан бир йўналишда орқа томонида ҳаракатланиб келаётган, У.И. бошқарувидаги “Nexia-2” русумли, автомашинасининг йўлига кўндаланг туриб, тўқнашиб кетган. Оқибатда “Nexia-2” автомашинасидаги йўловчилар Қ.М. ва вояга етмаган К.А. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Бундан ташқари “Nexia-2” автомашинаси йўловчиси Т.М. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли ҳайдовчилар!
Ҳурматли ҳайдовчилар! Ўзингизда чарчоқ аломатларини сезсангиз, дарҳол автомобилни тўхтатинг ва дам олинг. Акс ҳолда ўзингиз ва бошқалар ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати