10 Январ 2020 йил 166

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги илмий-тадқиқотларда Хитой билан ҳамкорлик кучайтирилади

Шу йилнинг 23-27 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи полковник Нуриддин Нарматов бошчилигидаги делегация Хитойда расмий ташриф билан бўлди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Хитой Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги Қўмитаси, Пекин шаҳар Ёнғин хавфсизлиги Бюроси ҳамда Тяньцзин ёнғин хавфсизлиги илмий-тадқиқот институти раҳбарияти ва илмий-ходимлари билан учрашишди. Учрашув доирасида ёнғин хавфсизлиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда лаборатория ускуналаридан ўзаро манфаатли фойдаланиш, илмий ходимларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва малакасини ошириши, Ёнғин хавфсизлиги институтида қурилиши режалаштирилаётган ўқув ёнғин ўчириш полигонини жиҳозлашда ҳамкорлик қилиш, икки мамлакат курсантларини ўзаро ўқитиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг икки давлатга ташрифи давомида мастер-класс, ўқув семинарлари ва тренинглар олиб бориши бўйича меморандум имзолашга келишилди. Мазкур ҳамкорлик доирасида томонлар ижтимоий соҳа, иқтисодиёт тармоқлари ва саноат корхоналари, юқори қаватли аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши муҳофазасини янада мустаҳкамлаш, замонавий ёнғин ўчириш техника ва технологияларини  амалиётга босқичма-босқич жорий этиш кутилмоқда.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти соҳага кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда бир қатор хориж мамлакатларининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги олий таълим муассасалари билан ўзро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ишларни олиб бормоқда. Хусусан, Ёнғин хавфсизлиги институти делегацияси август ва сентябрь ойларининг ўзида Россия, Жанубий Корея, Япония ва Беларусь Республикасининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги олий таълим муассасаларида бўлиб, ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган мақсадли режаларни белгилаб олишган эди. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech