24 Июн 2020 йил 1672

Жорий йилнинг 23 июнь куни интернет ижтимоий тармоқларида “Фарғонада 17 ёшли қизни калтаклашди” сарлавҳаси остида берилган хабар юзасидан

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

 

Мазкур хабарда Фарғона шаҳри марказидаги И.Каримов номидаги истироҳат боғида гўёки 17 ёшли рус миллатига мансуб қизни 22 ёшли йигит ҳақорат қилиб, дўстлари ва оломоннинг кўзи олдида калтаклаганлиги келтирилган.

Интернет тармоқларида тарқалган ушбу хабар ўрганилганда, фуқаро Н.Х. 2020 йил 31 май куни Фарғона шаҳар Юксалиш кўчасида жойлашган И.Каримов номидаги Санъат саройи ҳудудидаги йўлнинг четида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, Фарғона шаҳар, А.Яссавий кўчасида истиқомат қилувчи вояга етмаган Э.Книнг етаклаб юрган ити унга яқинлашганини кўриб, қўрқиб кетганлиги сабабли, унинг итини ўзидан узоқлаштирмоқчи бўлган.

Шунда Э.К бу ҳолатни нотўғри тушуниб, фуқаро Н.Х.ни ҳақорат қилиб, уриб юборган вақтида фуқаро Н.Х. ҳам Э.Камалетдиновани юз қисмига қўли билан уриб тан жароҳати етказган.

Фуқаро Н.Х. ва вояга етмаган Э.Клар ўртасидаги ўзаро жанжал вояга етмаган Э.Книнг ташқи кўриниши ёки миллати билан боғлиқ эмаслиги жиноят ишидаги далиллар билан ўз тасдиғини топди.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатларига киришилган.

Ҳозирда жиноят иши белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун тегишли судловга юборилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Ички ишлар органлари фаолиятига оид энг ишончли маълумотларни бизнинг интернетдаги сайтларимиз орқали олишингиз мумкин. Асосланмаган маълумот ва хабарларга алданиб қолманг.

 

                              Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech