22 Июл 2020 йил 250

Катта Фарғона каналидан чўкаётган аёл қутқариб қолинди

Жорий йилнинг 20 июль куни соат 18:00 ларда Қўштепа туманидаги Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида хизмат олиб борувчи профилактика инспектори, катта лейтенант Акбарали Турсунов ҳамкасби, лейтенант Асилбек Обидов билан бирга хизмат бурчини бажариб, автоуловда туман ички ишлар бўлими биносига келишаётган эди.

 Улар туманнинг Лангар маҳалласи ҳудудидан ўтишаётганда шу ердан оқиб ўтган Катта Фарғона канали ёқасида кутилмаган бир ҳолатга дуч келишди. Қирғоқда безовта ҳолатда турган бир аёл ўзини сувга ташлашга чоғланар, каналнинг нариги юзида турган бир-неча киши эса қичқириб, уни тўхтатишга уринишарди.

Профилактика инспекторлари автомашина рулини дарҳол ўша томонга буришди. Аммо, улар етиб бориб машинадан тушгунича аёл ўзини каналга ташлаб юборди.

Катта лейтенант Акбарали Турсунов иккиланиб ўтирмай дарҳол ўзини сувга отди. Лейтенант Асилбек Обидов ва улар билан хизматга жалб этилган Миллий гвардия қўриқлаш хизмати сафдор ходими Ҳасанбой Жўрабоев аёлни шиддатли оқимдан чиқариб олишда унга ёрдам беришди. Хуллас, уни қутқариб сувдан чиқариб олишди.

Маълум бўлишича, қутқариб олинган қиз шу туманда яшовчи К.Г. бўлиб, оиласидаги муаммолар, стрессли вазиятлар туфайли руҳий ҳолати ёмонлашиб, ўз жонига қасд қилишга уринган экан.

К.Г. айни пайтда руҳий ҳолатини тиклаш учун Фарғона вилояти руҳий-асаб касалликлар шифохонасига даволаш учун ётқизилди.

Қизнинг яқинлари ва маҳалла аҳли бир инсон ҳаётини сақлаб қолгани учун осойишталик посбонларидан миннатдор бўлиб, раҳмат айтишди.


Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech